Ривоят қилишларича, бир замонлар Султон исмли имон-эътиқодли киши яшаган экан. Бир куни бемор биродарини зиёрат қилиш учун йўлга тушибди. Дилда шукрона айтиб кетаётиб нохос қоқилиб, йиқилиб тушибди. Дарров ўрнидан туриб, "Ё Аллоҳ, ўзингга шукр! Қариб-қартайсам ҳам ўз оёғим билан юрибман. Йиқилсам ҳам шикаст топмадим”, дея яна йўлда давом этибди. Яна бир қадам босгач, тағин йиқилибди: – Ё Аллоҳ, ўзингга шукр! Йиқилсам ҳам қаттиқ шикаст емадим, тиззам бироз шилинди-ю, қон чиқмади, таҳоратим синмади, – дея кетаверибди. Кутилмаганда рўпарасидан юзига ниқобга ўхшаш нарса тутган, бақувват йигит чиқиб келибди. У чолни дўсти яшайдиган хонадон эшигига етгунча етаклаб келибди. Чол йигитни дуо қилиш учун фотиҳага қўл очибди. Шунда йигит қиёфасидаги: – Мени дуо қилиб овора бўлманг, барибир тегмайди. Чунки мен шайтонман – дебди. – Ажабо, агар сен чиндан ҳам шайтон бўлсанг, нега менга яхшилик қилдинг? Аҳир сени ишинг бандаларга ёмонлик эмасмиди?! – Тўғри – дебди шайтон. – Сиз ўзингиз оч бўла туриб, ана шу иккита нонни хаста ва муҳтож биродарингиз учун олиб кетаётганингизни кўрган Аллоҳ фаришталарга "Қаранг, анави бандам бир беморнинг кўнглини обод этгани кетяпти”, дея сизга муҳаббат назарини солди. Мен эса ёниб кетдим. Сиз биринчи бор йиқилдингиз ва унга шукрона айтдингиз. Шунда Аллоҳ амр қилди: "Шу бандамнинг барча гунохларини кечирдим”. Мен бундан баттар ғазабга миндим, шунда сиз иккинчи марта йиқилиб, яна шукр келтирдингиз, Аллоҳ яна амр қилди: "Шу бандамнинг барча қилган гунохларини кечирдим! Унга жаннатдан шундай жой тайёрлангки, ҳатто авлиёлар ҳам унга ҳавас қилсин!”. Мен бундан баттар ёниб кетдим. Шошиб, сизни манзилингизга етказишга ошиқдим. Йўқса, билмадим, яна нималарга эришар эдингиз... – деди.